Юракдаги сўз

Поэтическое наследие Набижона Буриева

Севги сатрлари

Бу шеърда лирик қаҳрамон севган инсонига қаттиқ боғланиб қолган. Уни биринчи бор кўрган кундан бошлаб юрагида баҳор — кўклам бошлангани айтилади.

Малагим, сен қочмагил мендан,
Яширма, қўй, юзингни эркам.

Сени кўрдим, кўрган кунимдан,
Юрагимда бошланди кўклам.

Айтгил, сени қандай унутай?!

Начора, гоҳ унутмоқ бўлиб,
Кўзларингдан узоқда юриб,
Мен ўзимни қийнайман бутун.

Гўзалларга боқаман гоҳо,
Лек қалбимда сен борсан ёлғиз!

Ариқларда тинар лойқа сув

Шеър куз фаслидаги тўйлар, ёшларнинг бахти, ҳаётнинг шодон лаҳзалари ҳақида. Муаллиф тўй орқали муҳаббат, умид ва инсон умрининг гўзал паллаларини тасвирлайди.

Ариқларда тинар лойқа сув,
Бедазорда ўтлар йилқилар.
Юз этилиб режалар хушҳол,
Катта тўйга уланар ёр-ёр.

Куз фаслидир тўйлар мавсуми,
Тукканини ечар чол-кампир.
Бу фаслни никоҳ фасли деб,
Мен оламга ёйгим келадир.

Узоқлардан карнай садоси,
Тўйга чорлаб янграса шодон.
Кексаларни яшартган каби,
Йигит-қизда тошар ҳаяжон.

Икки ёшнинг бахтли онлари,
Севинчларга бу кун кўкрак тор.
Қалбда шодлик уммони бордир,
Севишганлар эрур бахтиёр.

Ўртададир ҳаёт деган жом,
Бирга ичсин кунлар шаробин.
Ишқ-муҳаббат бой мазмун бўлиб,
Безаб турсин умр китобин.

Деҳқонбобо ҳимматидан кўрк,
Ноз-неъматга тўла дастурхон.
Келин-куёв ўлтирар ойдай,
Бири малак, бири паҳлавон.

Қани соқий, бахтдан сўзла соз,
Сўнг даврага май узат оз-оз.
Қадимийдир майу муҳаббат,
Жилвагардир асли бу ҳаёт.

Хиром этсин раққоса қизлар,
Ошиқона куй, қўшиқ, сўзлар.
Куз фаслидир тўйлар мавсуми...

Танти бўлсанг, ҳутнинг ёмғиридай бўл

Қисқа панд-насиҳат шеър: сахийлик, барака ва меҳнатнинг қадри ҳақида. Инсоннинг фазилати унинг бергани билан ўлчаниши таъкидланади.

Танти бўлсанг, ҳутнинг ёмғиридай бўл,
Баракали баҳор, ёз ҳосили мўл.

Бармоқларда бордир оқибат

Инсон тақдири, қилган амаллари ва оқибат ўртасидаги боғлиқлик ҳақида қисқа фалсафий фикр.

Бармоқларда бордир оқибат,
Тугилган мушт шундан бақувват.

Қора кўз бола

Қисқа образли шеър авлодлар давомийлиги ва ҳаёт айланмаси ҳақида.

Қора кўз бола,
Оқ соқолли чол,
Навқирон, кўҳна дунёга тимсол.

Дўстлик иши кўнгил ишидир

Дўстликнинг ҳақиқий қиймати ва инсон бахти билан боғлиқлиги ҳақида.

Дўстлик иши кўнгил ишидир,
Дўст тополган бахтли кишидир.

Бугун ишдан кўра гаплар кўпайди

Замон ташвишлари, сўз ва амал ўртасидаги фарқ ҳақида танқидий фикр.

Бугун ишдан кўра гаплар кўпайди,
Ичда, ташқарида хавфлар кўпайди.

Қариликка эрта тараддуд

Вақтнинг тез ўтиши ва инсон умридаги эрта қариш ҳақида ҳазин мулоҳаза.

Қариликка эрта тараддуд —
Қирқ ёшда соч оппоқ, тасаддуқ.

Инсон буюк хилқат

Инсоннинг яратувчилик кучи ва бор жойни обод қилиш қудрати ҳақида.

Инсон буюк хилқат,
Инсон буюк зот,
Қайда капа тикса, ўша жой обод.

Ер - башарни боқиш

Ер ва осмон тимсоли орқали ҳаёт давомийлиги ва умид ифодаланган.

Ер — башарни боқиш, сийлаш билан мудом банд,
Само — янги кунни кутиш билан сарбаланд.

Ой-тенгсиз келинчак

Табиат ва инсон тақдири образлар орқали берилган рамзий шеър.

Ой-тенгсиз келинчак, ёрин кундошга бериб,
Тунлар чақир тикан йўлдан чиқади юриб.

ҲУСН БИЛАН ОЙНА

Масал: ўзини мақтаган одам охири ҳақиқатни кўради.

Масал — Зап чиройим бор-да, мақтанганлар олдимга келаверсин,
барибир, ўзим танҳоман, — деб мақтанибди бир куни Ҳусн.

— Ҳуснжон, ўзингизга баҳо беришга шошилманг, —
секин шивирлабди Ойна.

Шунда Ҳусн Ойнада нуқсини кўриб,
уялиб кетибди.

МАТЕМАТИКАНИ БИЛМАС ЭКАН

Қисқа ҳазил: билим йўқ жойда алдов бор.

— Ойи, анаву сотувчи бола бизнинг мактабимизни битирган бўлса ҳам
математикани билмас экан.

— Ким айтди сенга, қизим?

— Ўзим билдим.
Икки дона шарга ўн тийин олиб қолди,
(бирта шар тўрт тийин бўлган).

КЎМИР ВА ҚОҒОЗ

Масал: фойда билан мақтанчоқликнинг фарқи.

Печка ёнида кўмир ва ташландиқ қоғоз учрашиб қолишди.

— Мен қоғозман, оппоқман, — деди керилганча қоғоз.
— Сен хунуксан, қоп-қорасан.

— Мен хунук бўлсам ҳам, — деди камтаринлик билан кўмир, —
совуқ тунларда одамларни иситсам дейман.

Шу вақт печка ёқувчи келиб,
қоғоз ва кўмирни печкага солиб,
гугурт чакди.

Мақтанчоқ қоғоз “гур” этиб ёнди-ю,
бир ҳовуч кул бўлди.

Қоп-қора кўмир эса ловуллаб,
чўғ бўлиб ёнарди.

БИР КУН КИРДИМ...

Ҳажвий шеър: шифохона, қоғозбозлик ва одам.

Бир кун кирдим ул жаноб
Бош ҳаким ҳузурига.
“Чумчуқ сўйса ҳам...” деган,
Ҳакимларнинг зўрига.

Дедим: Дўхтир кечиринг,
Мен-ку ёшликдан хаста.
Оёқларим бўкилмас,
Ёзиб беринг бир дастак.

Секин очиб кўрсатдим,
Дардкаш оёқларимни,
Ҳам ўтказмай фурсатни
Рентген қоғозларимни.

— Ёшим... — дедим бошимни,
Оппоқ сочим кўрсатиб, —
Умр яна неча йил,
Етармикан фурсатим?!

Ойнак тагидан боқди
Анча билимдон ҳаким.
Сўнг қоғозларни кўриб,
— Булар, — деди, — жуда кам.

Бўлимларга ўтасиз,
Сизни кўрик қилишар.
Тўлдиришиб йўлланма,
Менга олиб келишар.

Юрдим хонама-хона,
Ҳакимлар ҳам қизиқ-да,
Иссиқ-совуғинг сўрар,
Узоқ-яқинни сўрар...

Роса бир ой қатнадим,
Асабларим чатнади,
Ёзнинг иссиқ кунида
Бу иш менга ёқмади.

Ҳакимлар ҳам қизиқ зот,
Дори-дармонни қўйинг,
Дер: “Ёзишга қоғоз йўқ”,
Баҳонаси экан кўп...

ДОМДА ОДАМ БЎЛИБ ЯШАНГ, АЗИЗЛАР

Оилада тартиб, сабр ва инсонлик ҳақида.

Ярим тунда эчки каби чоласиз,
Олмахон вақт-бевақт ёнғоқ чақасиз.
Хўкиздай қадам ташлаб қоласиз,
Домда одам бўлиб яшанг, азизлар!

Қари киши яшар асаби чатоқ,
Шиша идиш гўё ҳамлага муҳтож.
Бировга бир кун ҳам ғанимат, эвоҳ,
Домда одам бўлиб яшанг, азизлар!

Буни ҳўкизгамас, қўйга қурганмиш,
Бад ишларни оқар сувга қурганмиш.
Соз бўлса иситгич — оромижон қиш,
Домда одам бўлиб яшанг, азизлар!

Болалар шовқинин кечирса бўлар,
Ширинлик тутқазиб тинчитса бўлар.
Болалар ҳамиша беғубор кулар,
Домда одам бўлиб яшанг, азизлар!

Инсон ўзи буюк, дўндирар ишни,
Баланд иморатлар, уйлар қуришни.
Хоҳлаб қолар гўзал, аъло турмушни,
Домда одам бўлиб яшанг, азизлар!

Гази, суви қулай, ҳаммоми — роҳат,
Мурватни-бурасанг муҳайё албат,
Оллоҳим, бунёдкор инсонга раҳмат!
Домда одам бўлиб яшанг, азизлар!

***

Илтижо ва надомат.

Эй раббоно, шафқатинг йўқ,
Мурувватинг йўқ.
Сўрабмидим сендан ҳолва,
Шаккар, қандинг йўқ.

Гуноҳкори осий банданг
Сўрар шафоат,
Наҳот ўзга рағбатинг йўқ,
Бирор аҳдинг йўқ!

***

Йўқотиш ва матонат.

Истаса, кўкларга етгудай қулочи,
Мағрур ва эрка бир парвозга шай лочин.
Отам бор, оғам бор, бор эди эгачим,
Нақадар бахтиёр дам эди у дамлар!

Тош қотди ҳаётим, кулфатга еткарди,
Мағрур қанотларим қиличдан ўткарди.
На отам, на оғам, на-да бор эгачим,
Нораста гўдақдай қолдим-ку лол ва жим!

Қисматдан қоврилиб, шарпадай кезсам-да,
Ножинс бир жонвордай ўзимни сезсам-да,
Тонгларга ҳайқиргим келади, тонгларда,
Оққим келар серсув дарёга қўшилиб.

Яшайман ҳаётга мен қасдма-қасд туриб!..

Танишмиз кўпдан...

Сукут ортидаги ҳислар.

Танишмиз кўпдан...
Ўтган қайтганда
Баъзан суҳбат ҳам қурганмиз ҳатто.

Лекин на сенда бўлган,
На менда
Гапу сўзларда
Ўзга бир маъно.

Маъсума кўзлар
Ненидир сўзлар.
Боқишларинг айт, сўроғмиди, қиз?

Парвона мену
Сенинг кўзларинг
Дил чорловчи ё чироғмиди, қиз?

***

Ғараз ва ниқоб.

Ғаразгўй, ўзингни мен билан ўлчайсан, “оз қолибди”,
Бўйинг бўйим билан ўлчайсан: “яна бир ёз қолибди”.

Юзида фариштаси йўқ, эй бемаврид туғилган зот,
Ваҳмдан танангда титроқ, мараз бошингда дарз қолибди.

***

Фош бўлган ниқоб.

Кўрмайин деб сени ғаш бўлиб юрдим,
Гоҳида қўйнимга тош солиб юрдим.

Қайга борсанг ичдинг ғараз майини,
Сассиқ алафдек сен фош бўлиб юрдинг.

МУСТАҚИЛЛИК МАДҲИ

Озодлик ва Ватан.

Қадим Турон, қадим масканим,
Алпомишлар, Барчинлар юрти.
Толе бу кун буюк ўзбекнинг
Озод номин тарихга битди.

Мустақилсан, озодсан Ватан,
Ҳақлидурсан, кутдинг бу кунни.
Не эрларинг фидо қилди жон,
Сен ўлмадинг... Халқим — Онажон!

Ўз гўшангда эркка зор халқим,
Ўтда куймас самандар халқим.
Қутлар сени жумлаю жаҳон,
Бағринг кўтар ҳурвиқор халқим.

Ҳақ-ҳуқуқинг, эркинг қўлингда,
Саратонда музламайди тан.
Қуёш — улкан олов-шар эмас,
Куйдирмайди жисминг даъфатан.

Ўз еринг бор, она тилинг бор,
Йўл-йўриғинг — бахт қомусинг бор.
Кўнгилларни қилгудай обод,
Тарихинг бор, ор-номусинг бор.

Бахтиёр бўл, эркин ол нафас,
Буюк Ватан бизники эрур.
Фақат бирлаш, бирлашгин халқим,
Оёғингга кишан урмасин.

ОТАХОНЛАР

Меҳнат ва ибрат.

Ҳалол луқма ризқ-рўзингиз меҳнат билан,
Битар доим кам-кўстингиз меҳнат билан.
Иш бошласа, иш боши Сиз ўғил-қизга,
Элда ибрат ҳар сўзингиз меҳнат билан.

Ҳар ютукда ўрнингиз бор, ўзингиз бор,
Руҳан тетик ҳам даъваткор сўзингиз бор.
Келажакни кўриб турар кўзингиз бор,
Ҳаёт дарси ҳар сўзингиз меҳнат билан.

Ҳаёт мангу, бизчи — меҳмон, саноқли кун,
Униб-ўссанг, шукур қилсанг, ардоқли кун.
Фароғат тун-кундузингиз меҳнат билан.

НАВРЎЗИМ, ХУШ КЕЛДИНГ

Баҳор ва янгиланиш.

Бир илиқ насимлар эсдилар,
Совуқлар йўлини тўсдилар.
Сайилга чиқди халқ қирларга,
Болалар бойчечак уздилар.

Наврўзим, хуш келдинг элимга,
Сурурдан лиммо-лим дил тошди.
Қотган музга дарз ета қолди,
Дарахтлар гул тақдилар шодон.

Қозон тўла сумалак — болим,
Хуш келдинг элимга, офтобим!

***

Ёшлик ва ишқ.

Дўстлараро содда, самимий,
Тўлқинлардай шўх эди йигит.
Ҳар сўзида шиддат, ҳазили,
Хаёлларга йўқ эди йигит.

Қай кун билмас чўғланди юрак,
Муз қалбини эритди кимдир.
Севиб қолди у бир санамни,
Шўхлигидан қолмади асар.

ОЛТИН ДАЛАЛАР

Деҳқон ва барака.

Деҳқон меҳри тушган олтин далалар,
Малларанг товланар куз қуёшида.
Пўлат плугларда ер ҳайдаб борар,
Тракторлар овози даштни тўлдириб.

Орзулари ойдин ва қутлуғ,
Ноз-неъматлар мўл бўлсин дейди.
Хирмонин чош этган бободеҳқоннинг,
Роҳат бор бу кунлар ичган ошида.

ЙИЛЛАР КЕЧДИ ОҒИР...

Қашшоқлик ва сабр.

Осмон — йироқ, ер — қаттиқ.

Йиллар кечди оғир, кўп ёмон,
Дон-дун битмай, ўтлар қовжираб.
Баҳор келса, кулса бойчечак,
Инсон боқди, кўкка мўлтираб.

Бадбахт чўлнинг йўқдир дарёси,
Қашшоқ элнинг йўқдир чораси.
Қудукдан сув сувлаб бир умр,
Дедиларки: “Шунга ҳам шукур!”

АЗИМ ЧЎЛ

Чўл ва тақдир.

Мен шу азим чўл тупроғида,
Гоҳ чанқадим, гоҳ сарғайдим.
Қучоғида яйрайди жонзод,
Қўй-қўзилар, яйлов — кенг дунё.

Баҳори бир кунлик сайилдай,
Яшнаб-ёниб ўтиб кетарди.
Отам дарди бўлган шу чўллар,
Одам бахти энди бу чўллар.

ДЎСТИМГА

Вақт ва ҳаёт.

Йиллар ўтар экан, кутмайди фурсат,
Шошқалоқ одамдай елгани-елган.

Йиллар ўтаверар, одамлар шошар,
Аслида пойгадир, дўстим, табиат.
Ҳаёт — яшаш эмас,
Курашдир фақат.

ҚАЛБИМНИ ДАРЁ ДЕБ...

Кўнгилни асраш.

Бехосдан тош отмоқ тинчоқар сувга,
Тиниқ мавжларига туширар “ажин”.

Азизим, қалбимни дарё деб билиб,
Қармоқ ташласанг ҳам, тош отма тайин.
Дарё мавжлари-ку тушар аслига,
Кўнгил ярасининг битиши қийин.

ЛУҚМА

(Ҳазил)

Ногоҳ кириб қолсам таом устига,
Дўстлар илтифот-ла бошлашар сўзни.
Қўймас мени баттар қизарганимга,
Ва дер: “Қайнонангиз севади сизни!”.

Дўстлар ҳазилидан мамнун жилмайиб,
Мен ҳам ўз ўрнида ташлайман луқма:
Қиз онаси севар мени деб, эссиз,
Бевафо санамга, дўстим, йўлиқма

ДУТОР

Севги ва наво.

Дерларки, ошиқлар юраги дутор,
Икки қалб ўхшармиш дутор торига.
Чинакам севгини улуғлаб одам,
Уни келтирганмиш ушбу ҳолига.

Сен дутор чалардинг сокин оқшомда,
Нозик қўлларингда сайрарди дутор.
Ошиқлар тилида сўзларди дутор,
Сен дутор чалардинг сокин оқшомда.

Сен дутор чалардинг ҳар оқшом шундай,
Куй бўлиб оқарди бутун хаёлинг.
Наҳотки англамас соҳибжамолинг,
Сен дутор чалардинг ҳар оқшом шундай.

Сен дутор чалардинг, бармоқларинг
Юрак орзусини торга айтарди.
Тор эса севикли ёрга айтарди,
Сен дутор чалардинг...

СОБИР НЕГА ҚИЗАРДИ?

Болаларга ибрат.

Қорбобомиз келади, усти оппоқ қор,
Шу қор каби дили ҳам жуда беғубор.
— Салом, — деймиз баробар, — азиз Қорбобо.
Бизнинг сизга совғамиз фақат “беш” баҳо.

— Яшанг, — дейди Қорбобо қошлари қиров,
Сафингизда йўқми, дер барорта ялқов?
— Йўқ, йўқ, — деймиз яшириб бизлар бир сирни,
Қорбобога айтмадик ялқов Собирни.

Собир совға оларкан, қизарди қаранг,
“Бу йил яхши ўқийман”, деёлди аранг.

Ифлос, хотин номига иснод

Шеър оиладаги тинчлик, ўзаро ҳурмат ва сабрнинг аҳамияти ҳақида. Муаллиф аҳиллик йўқолса, тартиб ва барака ҳам кетишини очиқ айтган.

Ифлос, хотин номига иснод.
Қараса, яна тартиб - қоида,
Кириб борар ўз йўлига,
Тинчлик-тотувлик яна оилада.

Эр ўйлар: Мингбад, ўз йўлига ҳурмат,
Тўғрини тўғри деб айтма,
Эгрини эгри деб,
Аҳил яшай десанг оилада...

Аҳил яшаганлар Сизларга раҳмат,
Тинч бўлсин оилангиз,
Юринг доим соғу-саломат!

ИЗЛАНМАГАН МУҚОЯСА

Меҳнат ва очкўзлик.

Искабтопар — касби озорлик,
Ниш урмоққа илинж излайди.
Текин сўрмоқ хаёли билан,
У ҳар жойда виз-визлайди.

Гулдан гулга қўнар неча бор,
Бол йиғади тинчимас ари.
Челак-челак бол йиғиб халққа,
Яна учар, яна илгари.

Болаларим, сиз пашшадек очкўз бўлманг,
Эл-юрт сизни болдай азиз тутсин.

СОЙХОНДА СОЙ БЎЛИБ ЎТДИНГИЗ

Устоз хотираси.

Сойхонда сой бўлиб ўтдингиз,
Осмонда ой бўлиб ўтдингиз.
Маънавий бой бўлиб ўтдингиз,
Азиз устоз, азиз муаллим.

Уйма-уй юрмокдан хормаган,
Мактабга юринг деб чорлаган.
Илм-маърифат беролган,
Миллатни жонидан севолган.

Сойхонда сой бўлиб ўтдингиз,
Осмонда ой бўлиб ўтдингиз.

КИМ БЎЛДИК?

Ёшларга савол.

Элда яшаб эл билмас,
Савод ғовлаб тил билмас,
“Гунг” бўлсак —
Ким бўлдик?

Зўр бўлмасак, зор бўлсак,
Нор бўлмасак, хор бўлсак,
Яшамасак бойдек —
Ким бўлдик?

Савлатимиз дев мисол,
Юришимиз кўр мисол.
Эҳ, аттанг…
Ким бўлдик?

БИР ИДОРАДА ТАФТИШ

Ҳажвий танқид.

Бир идорада борар кўпдан шундай иш-тафтиш,
Камомадни аниқлаш, хатоларга чек қўйиш.
Тафтишчи тунд ва ўжар, ойнак тагидан боқар,
Ҳужжат-китоб ёстикдай, чўтдан миллионлар оқар.

Тушликда қайнар шўрва, оқшом борар ресторан,
Наҳорда аччиқ кўк чой, мева-чева ранг-баранг.

Тафтишчи назорати ҳар гал шундай ўтади,
Бадхатолар тугамас, балки давом этади.

СОНЕТ

Фалсафий мулоҳаза.

Мен энди яхшилик қилмайин,
Қилсинлар яхшилар яхшилик.

Тилларимга тошлар бойлайин,
Сўз демайин бирор калима.

Тафаккур дурлари халқники,
Ҳаётга, яшашга ҳақли-ку!
Йўл кўрсатмоқ оқилнинг иши.

ОЖИЗ ОДАМГА

Огоҳлантириш.

Дўстлик учун қадаҳлар сўндинг,
Кашфиёт деб билдинг сўзингни.

Қадаҳ сени янчди, эзиди,
Дўстларинг ҳам бир-бир безиди.

Масхаралар энди хушбахтлик,
Эшагига чаппа ўтқазиб.

***

Йўқотиш ҳисси.

Мен заррага бўлиндим,
Минг каррага бўлиндим.
Тоғдай эдим, бўлдим тарикдай,
Ёруғ оламда йўқдай бўлдим.

Дардим ичи-тишимда,
Ташвишлари бошимда.
Елдим, югурдим — оқибат,
Йўқликка учган ўқдай бўлдим.

МАЖНУНТОЛ

Айрилиқ ва хотира.

Гуноҳларим ўзимга етар,
Сени бир бор севдим, севилиб.
Сойда гувоҳ ўша мажнунтол,
Йўлларимиз кетди айрилиб.

Кундузларим қоронғу бўлди,
Юлдузларим порламай сўнди.
Ё қулади, ағдарилди тоғ,
Тириктуриб айрилдикми, моҳ!

Хотиралар сўйлар мажнунтол,
Ғамнок турар ерга эгилиб.

***

Вақт ва умр.

Йиллар ўтаверар бир-бирин қувиб,
Умр кечаверар оқар сой каби…

Ҳар ишнинг охири, боши бўлади,
Бугунги болалар эрта кексаяр…

Ҳар бирингиз қўчсин омадлар, бахтлар!
Айтинг, ортингизда қолдими боғлар,
Дунёга дунёдай бирор яхши от?

***

Ҳимоя ва садоқат.

Сиз кўм-кўк дарахт.
Мен — парча булут.

Жазирама — олов қуюни эсса,
Офатлар дўнса сизга беомон,
Бош устингизда бўлсам соябон.

Сиз авж олсангиз, мавжлансангиз,
Оппоқ гулларга тўлса бағрингиз.
Сиз кўм-кўк дарахт,
Мен — парча булут.

Ёмон кўз билан боқса ёмонлар,
Мен сизга посбон!
Севги тангриси сақлар омон.

Лой-лошимиз яширар ер

Тупроқ ва кечирим.

Лой-лошимиз яширар ер, радлар қилар бу тупроқ,
Қолмагай то чанги урвоқ, гардлар қилар бу тупроқ.

Гуноҳимиз оғир келса, кечирмаса ёр-дўстлар,
Паноҳ бўлар ўзи яна, авфлар қилар бу тупроқ.

Юртим дея ёниб яшаб туйсак Ватан, халқ меҳрин,
Юракларга солсак сурур, ёдлар қилар бу тупроқ.

Саждалар қил, саховатли тупроғин кўзингга сур,
Албатта зурриёдинг буюк зотлар қилар бу тупроқ.

***

Насибат.

Ранг-баранг оламинг бўлсин ҳаётда,
Озори-беозор гулу тикан бўл.

Хуш кўргай-кўрмагай, муғомбир, содда,
Қурт-қумурсқадай мўл элу макон бўл.

ЙИЛЛАР ЎТДИ, СОЧЛАРДА ҚИРОВ

Устозга эҳтиром.

Мактаб — маънавият кошонаси,
Ёруғ хоналарда бошланар сабоқ.

Дарёдил муаллим доно, ҳокисор,
Гўзаллик уруғин сўз билан экар.

Гарчи йиллар ўтди, сочларда қиров,
Ҳаётдан завқ туяр, дилда шукрона.
Шогирдлар камоли — мукофот, сийлов,
У халқ муаллими, устоз мардона.

***

Инсон ва ҳаёт.

Мен бир тоза руҳман, вужуд покиза,
Безавол умрман, безавол шўъла.

Қуёшга бўй чўзар минг йиллик боғлар,
Даласин орзулаб оқар дарёлар.

Тинмагур шаббода ҳур-ҳур эсадир,
Менсиз сабил бўлмас ахир бу дунё.

ЮРАГИМ

Илк ишқ азоби.

Сен ўшани севдинг… ҳамон ўшани…
Ҳамон ўртанасан, менинг юрагим.

Қани мағрурлигинг, тенгсиз бардошинг,
Нечун безовтасан сиғмай бағримга?

Наҳот илк севгининг машъали сўнди,
Нақот қийнар бўлди мени бу армон.

ГЎДАК НИДОСИ

Она дарди.

Она деб бўзладим, наинки қайтсангиз,
Мен сизни йўқотиб қўйдим, онажон.

Азиз жоним бетоб, соғлигин билмай,
Дарду ситамларнинг адоғин билмай,
Мен сизни йўқотиб қўйдим, онажон.

Бир куни тушимда кўрдим, югурдим,
Она, онажон деб чопдим, югурдим…
Мен сизни йўқотиб қўйдим, онажон.

СЕН БЎЛСАНГ…

Ҳузур ва жозиба.

Сен бўлсанг — даврада шунинг ўзи бас,
Ҳамиша жон кирар тотли гурунгга.

Мен сени ўйлайман кундуз-кечалар,
Лоақал билсайди дугоналаринг…

***

Лаҳза.

Бехосдан юз берди бу гал учрашув,
Секин қўл тутдинг, қалбим илитдинг.

Лаҳзалик учрашув бир чақмоқ мисол,
Сен кетдинг назокат — ширин хаёл қолди.

ПАПИРОС

Соғлом ҳаёт.

Папирос, ҳой папирос,
Бизда сенга йўқ ихлос.
Ғуппайма кўп, тура-тур,
Заҳар дудинг буруқсур.

Биз кашанда эмасмиз,
Зорман, тортай демасмиз.
Биз севамиз соғлиқни,
Доим вақти чоғлиқни!

ОСМОН

Она тимсоли.

Улкан осмон тўнтарилган жом,
Юлдузлари сонсиз чўғ мисол.

Қуёшини бағрига олар,
Она каби меҳрига тўйиб.

Юксаклиги, буюк бардоши билан
Онамизга ўхшайди осмон.

СОАТ

Вақт огоҳлантириши.

Соат — мўйсафид чол,
Кечаю-кундуз юриб турар.

Ғафлатда қолма деб занг урар,
Вақтнинг олтин кафгири қўлида.

УМР

Вақт — поезд.

Вақт — учқир поезд,
Чопар вагонлар — кунлар.

Умримиз манзили бекатларидан,
Шитоб билан ўтиб борамиз.

Перронга келиб тўхтайди поезд,
“Келди, кетди” деб ёзилар отимиз.

ЖАСОРАТМИ – САОДАТ?!

Шоир ва миллат.

Некуз деган қишлоқдан
Мактаб бориб сен дадил,
Шеър ёзибсан, зўр ёзибсан,
Абдулла!

Шеърларинг-ла юракка
Йўл солибсан, Абдулла.
Халқим севган бетакрор
Шоиримсан, Абдулла.

Эрксиз эди-ку халқ,
Не бахт, қайдан куч, кайфият.
Жасоратми,
Саодат?!

Озод бўлди Ўзбекистон,
Тенглар ичра тенг жаҳон!

ЕР СЕНИКИДИР, ОСМОН – СЕНИКИ

Ватан ва масъулият.

Боланг улғайса, камолга етса,
Давр шамолларига чидам қилсанг.

Шу тупроқни деб ёниб яшасанг,
Ватан меҳрига қониб яшасанг.

Ер сеникидир, осмон — сеники,
Гар тиниқ фикринг — жаҳон сеники.

ЎЗИНГНИ ОСМОН БИЛ

Ғурур ва эрк.

Ўзингни осмон бил,
Қаддингни тик тут!
Халқим, юрагингда жўшсин тоза қон.

Душманингга ташлан мисоли бургут,
Дўстларга жонажон дўст, Ўзбекистон!

Эгилган бошни ҳам кесарлар, билсанг,
Ўзингни осмон бил,
Қаддингни тик тут!

ЎЗБЕК БОЛАСИ

Авлод, ғурур.

Эрта турар, тонгларга ошиқ,
Ишда унум, бор баракаси.
Яшнатади боғин, даласин,
Хуш кайфият ўзбек боласи.

Ватан дейди туғилган жойин,
Онасини, ёрин асрайди.
Ориятли, танти, бир сўзли,
Садоқатли ўзбек боласи.

Тарихи бор — буюклар ўтган,
Келажаги яна умидбахш.
Бор бўл абад, ўзбек миллати,
Бор бўл абад, ўзбек боласи!

ТЎРТЛИКЛАР

Панд-насиҳат.

Аввало инсонсан, буюклигинг шу,
Ақл билан иш тут, суюклигинг шу.
Нафсинг тий, йироқ бўл ғараз ишлардан,
Гуноҳга қўл урсанг, куюклигинг шу.

***

Бирлик ва сабр.

Элга эл қўшилса яхши бўлади,
Эл дилин куйловчи бахши бўлади.

Буюк ишлар осон бунёд бўлмагай,
Аввал унга кўплар қарши бўлади.

***

Тилак ва умид.

Ранг-баранг оламинг бўлсин ҳаётда,
Эзгу ишларга сен доим имкон бўл.

Хуш кўргай-кўрмагай… муғомбир, содда,
Қурт-қумурсқадай мўл элу макон бўл.

***

Меҳнат ва мардлик.

Дўстмурод Жуманов Самарқанд вилояти Советобод туманига қарашли “Олға” ширкат хўжалигида бош чўпон. Отаси таниқли чўпон Қаҳрамон Жумановдан (1925-2001) чўпон таёғини қабул қилиб олганига 15 йилдан ошди. Шу даврда эл чорвасига кўплаб қўй-қўзилар қўшди ва ўз муваффақиятларига эришди. Биз ёш чўпоннинг ишларига ривож тилаймиз.

Нурга ташна дил бўлиб,
Юрак орзуга тўлиб.
Мен қуёшга талпиндим,
Талпиндим юлдузларга.

Қўй бокдим сурув ҳайдаб,
Дуч келдим чўпонларга.
Қўй-қўзиси минг-мингдан,
Яйлови кенг хонларга.

Кўзларида нур чақнар,
Сўзида ғайрат жўшган.
Ёз жазирамаси-ю
Қишнинг қаҳридан қўрқмас,

Чўпонларни мард кўрдим.
Меҳнати дунёсида
Ўзимда ҳайрат кўрдим.

МАЖОРИСТОН

Сафар ва дўстлик.

Сафар дафтаридан

Неча кунки, дўстлик поезди чопар,
Ўқдай учиб, йўлнинг танобин тортиб.
Кўзни қувнатса ҳам кўм-кўк ўрмонлар,
Борар эди дилда ҳорғинлик ортиб.

Ўз тилингда нелар дединг, билмадим,
Лекин мамнун эдинг, қардош ҳарқалай.
Кулиб таклиф қилдинг она юртингга,
Руҳимиздан чарчоқ кетди, айланай.

Шаҳарни тенг бўлиб солланар Дунай,
Узукка кўз каби гўзал Будапешт.
Бош майдон. Бир вақтлар ёғийдан элни,
Сақлаган ботирлар бунда саф тортмиш.

Узумзорда оҳу кўрдим, ё фалак,
Бир зум юрагимни қўйди шошириб.
Меҳмон қилдинг, малак, мусалласми ё
Санъатинг меҳримиз қўйган тошириб.

Табиати сўлим эй Мажористон,
Узоқ саҳролардан келдим йўл босиб.
Менинг диёрим ҳам бугун боғ-бўстон,
Дўстмиз чин дўстларга биз ҳам муносиб.

Буюк Амир Темур вориси элим,
Ватану дўст учун жонини тиккан.
Кел энди бағримга босайин маҳкам,
Халқмиз азал дўстлик уруғин эккан.

Набижон Буриев

Об авторе

Набижон Бува

Набижон Буриев — был поэтом своей жизни, преодолевая все трудности на своем пути пребравшись из маленькой деревни в небольгой город начал цвести как поэт. Как писатель и хороший отец он достиг больших высот.

Его стихи отражают его личность и жизненный опыт, каждый стих рассказвает уникальную историю, полную эмоций и глубоких размышлений

Этот сайт был создан его внуком, чтобы закрепить его творчество в цифровом пространстве и поделиться им с миром.